Тошкент вилоятининг Бўстонлик туманида жойлашган “Green Paradise” замонавий ва барча қўлайликларга эга хусусий дам олиш маскани соҳиби ўз мажмуасини хориждан келаётган фуқароларнинг карантин даврини ўтказиш учун бепул тақдим этиш ҳамда шу давр мобайнида уларни озиқ-овқат билан тўлиқ таъминлашни ўз зиммасига олиш ташаббуси билан чиқди.
“Дам олиш масканимиз 120 ўринли бўлиб, у Тошкент вилоятининг Чимён қишлоқ фуқаролар йиғинида жойлашган. Коронавирусга қарши курашишга ҳисса қўшиш мақсадида вилоят ҳокимлигига шу ташаббус билан чиқдик, зеро одамларга оз бўлса-да фойдамиз тегса, бундан жуда мамнун бўламиз. Карантин даврида чет элдан келган фуқароларимизни тўрт маҳал овқат билан таъминлашга тайёрмиз. Бундай мураккаб даврда четда туриш керак эмас”, - деди тадбиркор Азиз Сатторов.
Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси бу каби тадбиркорлар ва ташкилотлар вакилларига ўзининг чуқур миннатдорлигини билдирган ҳолда, карантин даврида барчага куч-қувват ва сабр-тоқат тилайди.