
Тўдакўл сув ҳавзаси ҳудудида жойлашган ёзги, қулай дам олиш масканида “Silk Road Resort & Spa” МЧЖ томонидан янги экотуризм ҳудуди ташкил этилиб, пляж зонаси яратилиши режалаштирилган. Айни вақтда 15 гектар майдондан иборат бўлган мазкур ҳудуд бўйлаб ёзги дам олиш сайёҳлик масканини барпо этиш ишлари қизғин олиб борилмоқда.
Ушбу манзил вилоятга ташриф буюрувчи меҳмонлар, қолаверса, маҳаллий аҳолимиз учун олдинда турган жазирама фаслда ўзининг юқори сифатли хизматларини таклиф этишни мақсад қилган.
Юқори жаҳон андозаларига жавоб бера оладиган ёзги дам олиш маскани лойиҳасининг умумий қиймати 3 млн АҚШ долларини ташкил этиб, унинг фаолияти йўлга қўйилиши натижасида вилоятда яна 150 та янги иш ўрни яратилиши назарда тутилган.
Шунингдек, ушбу сайёҳлик объекти пляж, бассейн, аквапарк, мини Диснейленд, 50 ўринга мўлжалланган меҳмонхона, дам олиш айвонлари, ресторан, ёзги терасса, СПА салон, табиат қўйнидаги ўйингоҳ, тиббиёт бурчаги, соғломлаштириш маскани, спорт ўйингоҳи, авто тураргоҳ ва махсус сув транспортлари каби турли қўшимча хизматларни ўз ичига олиб, бунда ташриф буюрувчилар учун очиқ осмон остида ўтказиладиган бир-биридан қизиқарли концерт ва шоу дастурлари мароқли дам олишга хизмат қилади.
Айни вақтда мамлакатимизда кечаётган эпидемиологик вазиятда мазкур лойиҳа майдони узра карантин ва гигиена қоидаларига риоя этган ҳолда, ташкиллаштириш ишлари қизғин давом этмоқда.
Ҳозирга қадар 7 минг туп манзарали дарахтлар экиш мўлжалланган ҳудудда 3 минг туп кўчатлар экилганлиги ва пляж объекти бўйлаб табиий чим-майсалар ётқизилган. Жадал тарзда куну-тун бораётган қурилиш ишлари яқин кунларда ўз самарасини кўрсатади.
Таъкидлаш жоизки, вилоятда бу каби жонкуяр соҳа ташаббускорлари бор экан, бу каби пляж ҳудудларининг сони янада кўпайиб, юритимизнинг туризм салоҳияти кун сайин юксалиб, ривож топиб бораверади.
Ушбу лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 5 январдаги ПҚ-5611-сонли Фармони ижросини таъминлаш ҳамда вилоятда эко ва агротуризмни ривожлантириш мақсадида амалга оширилмоқда.