
Табобат илмининг султони, Марказий Осиё халқлари маданиятини дунё маданиятининг олдинги қаторига олиб чиққан буюк мутафаккирларимиздан бири – Абу Али ибн Сино.
Абу Али ибн Сино Европада Авиценна номи билан танилган бўлиб унинг тиб илмига оид рисолалари Шарқ ҳамда Ғарбда жуда машҳурдир.
Олимнинг “Тиб қонунлари” ҳамда “Сайёҳлар учун қўлланма” (“Фий тадбир ал мусофирийн”) асарлари — тиббиёт илми мутахассислари ва умуман, дунё аҳли учун бир неча асрлардан ўтиб, то бугунга қадар зарур қўлланма сифатида хизмат қилмоқда.
Абу Али ибн Синонинг ўз замонасида табобат илмида юксак даражага эришагани ва ҳатто бугунги кунда ҳам алоҳида эътирофга сазовор бўлаётганига айниқса бугунги синовли кунларда яна бир бор гувоҳ бўлмоқдамиз. Зеро бугун дунёнинг барча тиббиёт ташкилотларининг пандемия даврида одамлар ўзини қандай тутиш кераклигига оид маълумотлари бундан минг йил илгари улуғ табибимизнинг бу ҳақида қолдирган илмий мероси нақадар тўғри эканлигини тасдиқлайди.
Буюк табиб одамларни энг аввало ваҳимадан қутқариш кераклигини таъкидлаган. Кўчадан келиб, уст-бошни сирка билан артиш лозимлигини уқтирган, чунки касаллик юз-қўллар ва кийимларга ёпишади. У кўпчиликнинг бир ерда тўпланмаслигини, шунингдек касалларни алоҳида хонада ётқизишни тавсия қилган.
Таъкидлаш жоизки, орадан ўн аср ўтган ва табобат илми дунёда анча ривожланган бўлишига қарамай, Ибн Синонинг карантин даврига оид қоидалари бугунги кунда ҳам дорзалблигича қолмоқда.
Шундай экан, ҳар биримиз масъулиятни бўйнимизга олган ҳолда, карантин қоидаларига қатъий амал қилсак, ўзимиз ва атрофдагиларни касалликдан сақлаган бўламиз. Ўзингиз ва яқинларингиз соғлиғига бефарқ бўлманг, карантин қоидаларига амал қилинг!