
Хонобод шаҳри - Андижон вилоятининг диққатга сазовор соғломлаштириш масканларидан бири. Андижон денгизидан таралаётган майин шаббодани эса Хонтоғнинг энг юқори қисмида туриб ҳам ҳис этасиз. Шаҳарнинг ҳавоси мўътадил бўлиб, бу ерга ташриф буюрган меҳмонларга ўзгача кайфият бағишлайди.
Олиб борилган таҳлил натижаларига кўра, Хонободнинг чанг миқдори белгиланган меъёрдан 5 баробар, олтингугурт оксиди миқдори эса белгиланган меъёрдан 62,5 баробар камлиги аниқланиб, атмосфера ҳавосида зарарли моддалар кам эканлиги ва ҳавонинг табиий таркиби сақланиб қолинганини кўрсатмоқда.
Ушбу ҳудудда шаҳарнинг энг юқори қисмида “Хонобод” соғломлаштириш маскани жой олган бўлиб, ушбу маскан ҳудуди 10,5 гектарни ташкил қилиб, барча корпуслар боғ ҳудудида жойлашган ҳамда манзарали дарахтлар, арчалар ва гуллар билан ўралган.
Бу маскан бугунги кунда коронавирусни бошдан кечирган ҳамюртларимиз учун эса айни муддао, сабаби - юқори нафас йўллари, асаб тизими ҳамда ҳаракат таянч органлари тизими касалликларини соғломлаштиришга мўлжалланган ушбу масканда 27 хил турдаги соғломлаштириш муолажалари, физиотерапия, даво ванналари, Шарко души, парафин билан даволаш, фитотерапия, тор мутахассислар кўриги, лаборотория ва УТТ текшируви, соғломлаштирувчи жисмоний тарбия, терренкурра чорраҳасида юриш, сузиш ҳавзаси, қишги ва ёзги спорт майдончалари хизмат кўрсатади.
Сиҳатгоҳ турли хил шовқинлардан узоқлиги, атрофи арчазорлиги, ҳавосининг муссафолиги касалликдан эндигина тузалган кишиларнинг реабилитациясига ҳамоҳанг равишда саломатлигингизга фойда келтириб, вирусдан зарарланган организмнинг қайта тикланишида катта ёрдам беради.