
Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ишчи гуруҳи Сурхондарё вилоятининг шаҳар ва туманларида туризм қишлоқлари ва оилавий меҳмон уйлари бўйича тушунтириш ишларини олиб бориб, бир куннинг ўзида 10 та меҳмон уйи фаолиятини бошлаб берди.
Вилоятга ташриф Ўзбекистон Президентининг 2019 йил 13 августдаги “Ўзбекистон Республикасида туризм соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 5781-сон фармони ва Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 7 августдаги “Оилавий меҳмон уйлари фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги 631-сонли қарори ижросини таъминлашга йўналтирилган.
Ишчи гуруҳ Сурхондарё вилояти Бойсун тумани Инкабод МФЙдаги Омонхона кишлоғи, Сайроб МФЙни, Денов тумани Сангардак қишлоғи, Тўполон сув омбори, Олтинсой тумани Ҳожи Пок ота маҳаллаларида бўлиб, ташриф доирасида ҳар бир маҳалланинг туризм салоҳиятини ўрганди ва тадбикорлар ҳамда маҳаллий аҳоли билан туризм хизматларини ташкил этиш юзасидан учрашувлар ўтказди. Ушбу мақомини бериш орқали “Обод қишлоқ, Обод маҳалла” давлат дастурига киритиш юзасидан амалга оширилиши режалаштирилган устувор вазифалар тўғрисида тегишли тушунтириш ва тавсиялар берилди.
Шунингдек, оилавий меҳмон уйлари фаолиятни ягона реестрдан ўтказиш тартиблари, оилавий меҳмон уйларида сайёҳларга хизмат кўрсатиш, меҳмон уйлари томонидан белгиланган талабларга риоя этилиши, оилавий меҳмон уйлари фаолиятини ташкил этишда меҳмонларга яратиладиган шароитлар, жумладан, меҳмон уйларини миллий элементлар билан безатиш, улар томонидан қўшимча хизматларни кўрсатишга доир тарғибот-ташвиқот ишлари амалга оширилди.
Энди ушбу маҳаллаларда яшовчи оилавий меҳмон уйлари эгалари меҳмон уйларига ташриф буюрувчи сайёҳларни қонуний тартибда қабул қилишлари мумкин.
Таъкидлаш жоизки, Сурхондарё вилояти маҳаллаларида оилавий меҳмон уйларининг очилиши маҳаллий аҳолининг бандлигини таъминлаш ҳамда ички туризмни янада ривожлантириш йўлида муҳим аҳамиятга эга.