
Бирлашган Араб Амирликларида яшовчи ватандошимиз Пўлатов Жавлон Бохронович янги www.ouruzbekistan.com элеткрон сайтини ишга туширди. Мазкур сайт орқали Ўзбекистоннинг бой туризм салоҳиятини араб давлатларида истиқомат қилувчи маҳаллий аҳоли орасида инглиз ва араб тилларида кенг тарғиб қилиш кўзда тутилган.
Шунингдек, ушбу сайтда Ўзбекистоннинг табиати, маданияти, урф-одатлари ҳамда туризм салоҳияти ҳақида маълумотлар жойлаб борилади.
Мазкур платформада араб давлатлари, жумладан Бирлашган Араб Амирликларида истиқомат қилаётган маҳаллий аҳолини юртимизнинг тарихий обидалари ва ислом дунёси етук намоёндалари, муқаддас зиёратгоҳларимиз ва турли миллий таомларимиз билан яқиндан таништириш кўзланган. Бу борада эса Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси билан ўзаро ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилмоқда.
Шу ўринда, бу ватандошимиз айни дамда БААдаги “Atlantis Holidays” йирик туристик компанияси ходими сифатида фаолият юритади.
Маълум қилишича, ушбу компания Ўзбекистонга сайёҳларни жалб қилиш ҳамда туризм соҳасидаги қатор лойиҳаларни биргаликда амалга оширишда Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси билан мустаҳкам ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйишни режалаштирган.