
Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ташаббуси билан Навоий шаҳрида жойлашган вилоят Ёшлар Марказида «Энг яхши автомобилларга газ тўлдириш компрессор станцияси (АГТКС), автомобилларга газ қуйиш станцияси (АГҚС) ва автомобилларга ёқилғи қуйиш станциялари (АЁҚС)»нинг тақдирлаш маросими ўтказилиб, уларга “Quality service” сертификати топширилди.
Мазкур тадбирда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг Ҳудудий бўлинмалар фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Мухайё Хайитова бошчилигидаги ишчи гуруҳи аъзолари иштирок этди. Шунингдек, республика масъуллари тадбир давомида АГТКС, АГҚС, АЁҚСларда санитария-гигиена шохобчаларини жиҳозлаш, мавжудлигини ўрганиш ҳамда мониторинг қилишни ташкил этиш бўйича сўз юритди. Қўмита ҳамда қатор масъул вазирликлар билан биргаликда амалга оширилган кўламли ишлар сабабли ҳудудлардаги автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаларида санитар-гигиеник ҳолат анча яхшилангани таъкидланди.
АГТКС, АГҚС, АЁҚСлар орасида Кармана тумани, Бешкент маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган “Имкон Стар-2020” масъулияти чекланган жамияти автомобилларга ёқилғи қуйиш станцияси, Қизилтепа тумани, Бўстон маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган “Маликработ Газ Сервиc” хусусий корхонаси автомобилларга газ қуйиш станцияси ҳамда Кармана тумани, Уйрот маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган “Навоий Бетон Комплекс” хусусий корхонаси автомобилларга газ тўлдириш компрессор станциялари фаолияти энг намунавий дея тан олинди. Уларга Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг сертификатлари ва қимматбаҳо совғалари топширилди.
Юртимизга кўплаб сайёҳлар қизиқишининг ортиши сабабли ҳудудлардаги туристлар ташриф буюрадиган объектлар ва автомагистрал йўлларда умумий фойдаланувдаги санитария-гигиена шохобчаларини қуриш масаласига юқори эътибор қаратилмоқда.
Хусусан, мазкур объектлар ҳозирги замон талабларига тўлиқ жавоб берган ҳолда тоза-озода, шинам ва қолаверса, имконияти чекланган инсонлар учун ҳам қулай бўлиши назарда тутилган.