
Япониянинг Нагоя ва Ўзбекистоннинг Тошкент шаҳри ўртасида “Туризм ва маданий ҳамкорлик” битими имзоланганлигининг бир йиллиги нишонланмоқда. Мазкур ҳамкорлик битими 2019 йил 18 декабрда имзоланган эди.
Нагоя шаҳрининг расмий қароргоҳида бўлиб ўтадиган тадбирда Нагоя шаҳри мэри Такаши Кавамура, Ўзбекистоннинг Япониядаги фавқулодда ва мухтор элчиси Фозилов Ғайрат, юртимиздаги вазирлик ва идоралар раҳбарлари ҳамда бошқа нуфузли меҳмонлар онлайн иштирок этишади.
Байрам дастури икки қисмдан иборат бўлиб, биринчи қисмда Тошкент шаҳрини тарғиб қилувчи махсус безатилган автобусни тақдимот маросими бўлиб ўтади.
Таъкидлаш жоизки, бу автобус 4 ой давомида, 2021йилнинг март ойига қадар Гокисо-дори-Канаяма-Иринака-Нагоя университети йўналишларида ҳаракат қилади.
Шу билан бирга, Ўзбекистон маданияти ва ананалари, миллий мусиқа санъати намойиши ҳам тадбирдан жой олган.
Бундан ташқари, барча ватандошларимиз Нагоядаги Тошкент кунини онлайн тарзда, QR-коди орқали, тўғридан-тўғри томоша қилиш имконига ҳам эга бўлишади.