
Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси ўринбосари Улуғбек Аъзамов ва Хитойнинг “Ctrip.com” онлайн агентлиги бош менежери Аманда Ванг ўртасида онлайн видеомулоқот ўтказилди. Онлайн учрашув Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамда Ўзбекистоннинг Шанхайдаги Бош консулхонаси ҳамкорлигида ташкил этилди.
Видеомулоқот давомида “Ctrip.com” платформаси орқали Ўзбекистоннинг туристик салоҳиятини дунё бўйлаб тарғиб қилиш, маркетинг тадқиқотларини ўтказиш, янги сайёҳлик йўналишларини яратишга доир тавсияларни ишлаб чиқиш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, Индонезия ва Малайзияда мамлакатимизнинг зиёрат туристик салоҳиятини тарғиб қилиш бўйича тадбирларни ўтказиш бўйича келишувларга эришилди.
“Ctrip.com” агентлиги вакиллари Ўзбекистоннинг туристик салоҳиятни хорижда тарғиб қилиш, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси билан ҳамкорлик қилиш, республикамиз туризм соҳасида амалга оширилаётган доимий ўзгаришлар ва янгиликлар ҳақидаги ахборотларни хорижий мамлакатларда кенг ёритишга ҳамда турли лойиҳаларни амалга оширишга тайёр эканини маълум қилди. Видеомулоқот якунида томонлар ўзаро келишувларни амалда татбиқ қилиш мақсадида бу каби форматдаги мулоқотларни мунтазам равишда ўтказишга келишиб олинди.
Маълумот учун: “Ctrip.com” агентлиги 1999 йилда ташкил этилган бўлиб, унинг бош қароргоҳи ХХРнинг Шанхай шаҳрида жойлашган. Мазкур онлайн агентлик дунё бўйлаб 400 миллиондан ортиқ фойдаланувчиларга эга. Хитой, Жануби-Шарқий Осиё, Европа ва Шимолий Америка мамлакатларини қамраб олган “Ctrip.com” агентлиги кенг кўламли саёҳат хизматларини, виза олиш, меҳмонхоналар ва авиачипталарни брон қилиш, саёҳатларни бошқариш каби кўплаб хизматларни тақдим этади. Бугунга келиб агентлик дунё бўйлаб онлайн саёҳат хизматлари бозорида етакчи ўринни эгаллаб келмоқда. 2015 йилдан буён Хитойнинг энг йирик сайёҳлик гуруҳи деб топилган “Ctrip.com” агентлиги Хитойнинг энг яхши 10 интернет компанияси қаторига киради, айни дамда унинг бозордаги қиймати 23 миллиард АҚШ долларидан ошади.