
Ўзбекистон делегацияси БМТнинг Бутунжаҳон туризм ташкилоти (БТТ) Ижроия кенгашининг 113-сессиясида иштирок этди. Ўзбекистон томон илгари сурилаётган номзодларни тарғиб қилишга доир тақдимот ўтказилди.
Тарбирнинг кириш қисми тугаллангач, сўз навбати биринчи бўлиб Ўзбекистон делегацияси раҳбари – Бош вазир ўринбосари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдухакимовга берилди. У ўз нутқида икки масалани илгари сурди.
Биринчиси - 2021-2023 йиллар давомида Ўзбекистон номзодини БТТ Ижроия кенгашига аъзоликка қўйилгани, шунингдек мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва яқин келажакдаги режалар.
Таъкидлаш жоизки, тадбир доирасидаги чиқишларда Кенгашга кўрсатилган номзодлар орасида Ўзбекистоннинг имкониятлари жуда юқори эканлиги таъкидланди.
Шуниси эътиборлики, Ташкилот Ижроия кенгашига аъзо бўлиш Ўзбекистоннинг глобал миқёсда туризм соҳасида олиб борилаётган сиёсатда бевосита иштирок этиши ҳамда унда мамлакатимиз манфаатларини ҳимоя қилиш йўлида хизмат қилади.
Иккинчиси - 2023 йилда БТТ Бош Ассамблеяси 25-сессиясини Самарқанд шаҳрида ўтказиш масаласи.
Бунинг учун Самарқанд шаҳрида мавжуд ва келаси 3 йилда амалга ошириладиган кенг кўламли ишлар ҳақида маълумот берилди. Ушбу таклиф қабул қилинган тақдирда, Ўзбекистон биринчи маротаба БМТ таркибидаги ташкилотларнинг илк Бош ассамблеясиga мезбонлик қилади.
“Бош Ассамблеяга мезбонлик қилиш жаҳон туризм индустриясининг етакчи вакиллари, ишбилармонлар ва инвесторларни Ўзбекистонга жалб қилиш, 158 та аъзо давлатнинг 2 мингдан ортиқ делегация вакиллари ташрифини ташкил этиш орқали туризм соҳасидан тушадиган даромадни ошириш имконини беради”, - дея ташаббусга изоҳ беради Азиз Абдуҳакимов.