
Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан Тошкент шаҳри, жумладан, Сергели туманининг туризм салоҳияти ўрганилиб, барча маҳаллаларда оилавий меҳмон уйларини ташкил этишга доир тарғибот ишлари олиб борилди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 7 августдаги «Оилавий меҳмон уйлари фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги 631-сонли қарори ижроси йўлида қатор самарали ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Тошкент шаҳар Туризмни ривожлантириш департаменти, Сергели тумани Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими ҳамда маҳалла раисларидан иборат ишчи гуруҳ томонидан туманнинг Қубайтепа, Ноғай-Қўрғон, Сўғдиёна, Қўшқўрғон, Қум-ариқ, Учувчилар, Олтин водий, маҳаллаларида ўрганиш ишлари олиб борилди.
Ўрганиш давомида Тошкент шаҳри 92,0 минг нафари (52.2%) аёллардан иборат. Аҳолининг 60 фоизини, яъни 105,1 минг нафарини 30 ёшгача ёшлар ташкил қилиши аниқланди. Сергели туманида 33 маҳалла фуқаролар йиғини мавжуд бўлиб, 40,5 минг хонадонни ўз ичига олади. Ушбу хонадонларнинг 9,0 мингтаси (22%) ҳовли уй-жойлардан иборат.
Бугунги кунда Сергели туманида 6 933 та тадбиркорлик субъекти фаолият юритаётган бўлиб, шундан 2295 таси якка тартибдаги тадбиркорлардир. Мазкур туманининг туризм салоҳиятини ўрганиш бўйича тузилган ишчи гуруҳ аъзоларига бириктирилган жами 16 маҳалла фуқаро йиғинининг ҳовлили хонадонларида оилавий меҳмон уйлари фаолиятини ташкил этиш бўйича уйма-уй юриб тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилди.
Масъуллар томонидан олиб борилган ўрганиш натижасида жами 184 хонадон эгалари билан шахсан учрашиб, оилавий меҳмон уйларини очиш, оилавий меҳмон уйларига бугунги кундаги берилаётган эътибор ҳамда туризм соҳасидаги имтиёзлар ва афзалликлар бўйича тўлиқ тушунтириш ишлари олиб борилди.
Маълумот ўрнида: Ҳозирда Сергели туманининг умумий аҳолиси 176,4 минг нафар бўлиб, аҳоли бандлик даражасида эса 85,4 минг нафари - иқтисодий фаол аҳоли, шундан 77 607 нафари иш билан таъминланган. Ўрганиш давомида расмий секторда - 56,1 минг, норасмий секторда - 21,4 минг, 7,8 минг нафари эса ишга жойлаштиришга муҳтож эканлиги аниқланди. Ҳудуднинг ишсизлик даражаси айни пайтда 9,2 фоизни ташкил этмоқда.