
Фарғона вилояти Водил чегара божхона постида яна бир туризм ахборот маркази ишга туширилмоқда. Куни-кеча «Сайёҳларга хизмат кўрсатиш маркази» ДУК раҳбари Дилмурод Нуров бошчилигидаги ишчи гуруҳ мазкур объект фаолияти билан яқиндан танишди.
Ўрганиш давомида мазкур ахборот марказининг «Туристик ахборот марказларини ташкил этиш ва фаолиятини йўлга қўйиш тартиби тўғрисида»ги низомга мувофиқлиги, ташаббускорлар ҳамкорлигидаги Водил чегара божхона постида намунавий шаклдаги туризм ахборот маркази фаолиятини ташкил этиш ҳолати ва моддий-техник базасига эътибор қаратилди.
Шу ўринда, ахборот маркази қуриладиган ҳудуд ва унинг инфратузилмаси, коммуникация тармоқлари ва қўшимча хизматлари билан боғлиқ имкониятлар тўғрисида зарурий таклиф ва тавсиялар берилди. Масъуллар томонидан бу борадаги келгусида амалга ошириладиган вазифалар белгилаб олинди.
Шунингдек, объект ҳудудида ўрнатилаётган туризм хариталари, йўл кўрсаткичлари ҳамда сайёҳлар учун мўлжалланган тарқатма материалларнинг сифати ва мазмунига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди.
Масъул ишчи гуруҳ хизмат сафари давомида Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 10 июлдаги «Ўзбекистон Республикасида туризм соҳасини тиклаш ва ривожлантириш учун қулай шарт-шароитларни яратиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 433-сонли қарори ижроси юзасидан республикамизнинг барча ҳудудлари бўйлаб чегара божхона постларида шу каби намунавий туризм ахборот марказларининг ташкил этилиши ҳамда мавжудларининг фаолиятини таҳлилий ўрганиб чиқиш режалаштирилган.
Маълумот ўрнида: аввалроқ, Тошкент вилояти Чиноз туманида жойлашган «Яллама» чегара божхона постида ҳам замонавий туризм ахборот маркази ишга туширилган эди.