
6-8 сентябрь кунлари Германиянинг Брауншвейг шаҳрида ўтказилаётган “Magnifest-2019” халқаро фестивалида Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти тарғиб этилди. Тарғибот ишлари Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамда Ўзбекистоннинг Германиядаги элчихонаси томонидан фаол ватандошлар ҳамкорлигида ташкил этилди.
“Magnifest” халқаро фестивали деярли бир аср давомида ўтказилиб келинаётган, мусиқий ва гастрономик намойишлар билан танилган йирик халқ сайлларидан биридир. Мазкур фестивалга ҳар йили Германия ва қўшни Европа мамлакатларидан 150 мингдан зиёд аҳоли ташриф буюради.
Жорий йилда ўтказилаётган “Magnifest” халқаро фестивалида Ўзбекистон илк маротаба иштирок этмоқда.
Фестиваль 3 кун давом этиб, унда Ўзбекистон филармонияси “Суғдиёна” миллий чолғулар камер оркестри ҳам қатнашмоқда. Таъкидлаш жоизки, фестиваль доирасида юртдошларимиз томонидан ижро этилаётган миллий куй-қўшиқлар йиғилганларга кўтаринки кайфият улашиб, катта қизиқиш уйғотмоқда. “Magnifest” фестивали Ўзбекистонни хорижда танитиш, жумладан мамлакат туризмини тарғиб этишда муҳим ўрин тутади.
“Ўзбекистон ушбу фестивалда биринчи марта иштирок этаётган бўлишига қарамай, иштирокчилар томонидан мамлакатимизга, хусусан миллий маданиятимиз, санъатимиз ва туризм салоҳиятимизга катта қизиқиш билдирилмоқда. Ўзбекистоннинг гастрономик туризм, маданият ва туризм салоҳияти нуқтаи назаридан қарайдиган бўлсак, “Magnifest” фестивалида мунтазам қатнашиш, албатта, ижобий натижа беради” – дейди айни дамда Германияда таълим олаётган ватандошимиз, Гумбольдт университети талабаси Аслиддин Бобочолов.