
Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 28 йиллигига бағишлаб Ўзбекистоннинг Дубайдаги Бош консуллиги ва фаол ватандошлар билан муҳокамалар доираси ҳамда тантанали кеча ташкил этилди.
Диаспора фаоллари “Ўзбекистон мустақиллиги - тарих ва келажак мақсадлари” мавзусидаги давра суҳбати давомида мамлакатимиз тараққиёти, Бирлашган Араб Амирлиги (БАА)даги ватандошларимиз ҳаётига оид долзарб масалаларни муҳокама қилишди.
Тадбир давомида консуллик вакиллари томонидан Ўзбекистон мустақиллигининг аҳамияти тўғрисида нутқ сўзланди. Ватандошларга сўнгги йилларда Ўзбекистонда туризмни ривожлантириш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида батафсил маълумот берилди. Шу билан бирга, хориждаги ватандошлар билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга доир фикр алмашилди.
Шундан сўнг, ижтимоий тармоқлардаги “БААдаги ўзбекистонликлар” номли гуруҳлар орқали таклиф этилган 50 нафардан ортиқ ватандошларимиз Мустақиллик байрамини нишонлаш учун Дубайдаги тамаддихоналардан бирида жам бўлишди. Унда сўзга чиққан ватандошларимиз Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва уларнинг ижобий натижаларни мамнуният билан тилга олишди. Ўзбекистонда олиб борилаётган кенг кўламли ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш, Республиканинг халқаро нуфузини янада мустаҳкамлашга тайёр эканликларини изҳор этишди.
Дипломатик вакиллик ходимлари, ўз навбатида, мана шундай тадбирларнинг мунтазам равишда ўтказилишини таклиф этишди.
Тадбирда иштирок этган барча ватандошларимизга Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан тақдим этилган тарқатма материаллар ҳамда эсдалик совғалари топширилди.