
Берлин шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан Германиядаги Ўзбекистон элчихонаси ҳамда ватандошлар кўмагида байрам тадбири ташкил этилди. Ижтимоий тармоқлардаги “Германиядаги ўзбеклар” номли гуруҳ орқали таклиф этилган ватандошларимиз Берлин шаҳри марказидаги машҳур Бранденбург майдонига тўпланишди.
Таъкидлаш лозимки, Германиянинг энг диққатга сазовор жойларидан бири Бранденбург дарвозалари ҳисобланади. Бранденбург дарвозаси Берлиннинг Митте туманида жойлашган архитектура ёдгорлиги ҳисобланади. Мазкур тарихий ёдгорлик 1788-1791 йиллар бунёд этилган бўлиб, Германияга келган ҳар бир сайёҳ мазкур ҳудудни зиёрат этишни канда қилмайди. Берлиндаги Бранденбург дарвозалари олдида сайр қилиш – сайёҳларнинг чинакам орзуси.
Майдонда Ўзбекистон филармонияси “Суғдиёна” миллий чолғулар камер оркестри ёшлари ижросида миллий куй-қўшиқлар янгради, йиғилганлар рақсга чорланди. Тадбир Берлиннинг энг гавжум майдонларидан бирида ташкил этилгани сабаб атрофдаги сайёҳларда катта қизиқиш уйғотди.
Шундан сўнг Бранденбург дарвозаси олдида “Ўзбекистонни биласизми?” номли акция ўтказилди, унда йиғилганларга юртимиз ҳақидаги саволлар берилди. Саволларга тўғри жавоб берган кишилар ҳамда барча ватандошларимизга Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан «Uzbekistan» ёзуви туширилган эсдалик совғалари топширилди.
Тадбир ташкилотчилари ва Германияда истиқомат қилувчи ватандошларимиз билан бу каби тадбирларни келгусида бошқа шаҳарларда ҳам ташкил этиш мақсад қилинди, зеро бу каби тадбирлар юртимизга ташриф буюрувчи сайёҳлар оқимини кўпайтириш йўлида хизмат қилади.
Шу ўринда маълумот, мамлакатларимиз ўртасида туризм соҳасида алоқалар жадал ривожланиб бормоқда. Кейинги йилларда Германиядан Ўзбекистонга ташриф буюраётган сайёҳлар сони 4 бараварга ошди. Жорий йилнинг 15 январидан Германия фуқаролари учун 30 кунлик визасиз режимнинг жорий қилиниши эса немис сайёҳлари сонининг янада кўпайишига туртки беради.