
Ўзбекистоннинг туризм соҳасидаги жамоат ташкилотлари ҳамда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси вакиллари Туркия маданият ва туризм вазирлиги ҳамда Конья ва Сельчук шаҳарлари ҳокимликларига ташриф буюришди. Ушбу ташриф Турк дунёси Маҳаллий ҳокимиятлар бирлашмаси ҳамкорлигида ташкил этилди.
Туркия маданият ва туризм вазирлигида Ўзбекистон делегацияси вакиллари вазир ўринбосари Нодир Алпаслан билан учрашишди. Унда Ўзбекистонда туризм соҳасига давлат даражасида, миллий иқтисодиётнинг стратегик тармоғи сифатида эътибор қаратилаётгани, мамлакатда “Туризм тўғрисида”ги Қонун қабул қилингани, туризмнинг янги турлари жорий этилаётгани ва бизнес вакилларига қатор имтиёзлар берилаётганлиги алоҳида эътироф этилди.
Туркия Республикаси маданият ва туризм вазири ўринбосари Нодир Алпаслан Туркиянинг туризм соҳасида бугунги кунгача босиб ўтган йўли ҳақида сўзлаб, айни кунда бу бўйича янги стратегия ишлаб чиқилаётганлигини таъкидлади. Вазирлик ҳар йили ўртача 150 дан ортиқ туризм ярмаркасида иштирок этган бўлса, жорий йилда ушбу кўрсаткич 15 тани ташкил этган. Нодир Алпаслан бу жиддий бурилиш эканини қайд этди. Унинг таъкидлашича, эндиликда Туркиянинг туризм салоҳиятини электрон (интернет, ижтимоий тармоқлар, сайт, дастурлар, телевидение ва б.), кино, таниқли инсонлар ва бошқа усуллар орқали тарғиб қилишга катта аҳамият берилади.
Шунингдек, вазир ўринбосари Туркияда туризмни ривожлантиришда жамоат ташкилотларининг роли муҳим эканига эътибор қаратди ҳамда вазирликда туризм соҳасидаги жамоат ташкилотлари билан ишлаш бош бошқармаси мавжудлигини маълум қилди.
Шуниси диққатга сазоворки, жорий йилда Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасида ҳам шундай механизмнинг ташкил этилганлиги муҳим қадамлардан бири сифатида эътироф этилди.
Учрашув якунида Нодир Алпаслан Ўзбекистоннинг зиёрат туризм салоҳиятини юқори баҳолаб, бу йўналишда икки томонлама ҳамкорлик қилишни таклиф этди.
Жорий йилнинг 11 сентябрь куни Конья ва Сельчук шаҳарлари ҳокимликларида “Туризм фаолиятида ҳокимият томонидан олиб борилаётган ишлар ” мавзусида семинарлар ташкил этилди.
Конья шаҳар ҳокимининг туризм масалалари бўйича ўринбосари Чошкун Билги Коньянинг туризм салоҳияти ҳақида маълумот бериб, хорижий туристлар учун яратилган шароитлар билан таништирди. Хусусан, Коньяда 32 туман мавжуд бўлиб, уларда зиёрат, маданий, тиббий, эко, MICE ва гастрономик туризм яхши ривожланган.
Маълумот учун: Конья ҳар йили 3,5 миллионга яқин хорижий туристни қабул қилади. Бунинг учун ҳокимият томонидан транспорт ва йўл инфратузилмасини такомиллаштиришга алоҳида этибор қаратилган. Айни кунда Истанбул-Конья-Истанбул авиа (ҳар куни 2 та рейс), Истанбул-Анкра-Конья-Эскишаҳар-Истанбул тезюрар поезд (кунига 10 рейс) қатновлари йўлга қўйилган, 100 га яқин 7/24 соат хизмат кўрсатувчи автобус ва уларда виза карталари орқали чипта харид қилиш тизими мавжуд. 38 та меҳмонхона қурилган бўлиб, ўринлар сони 6,5 мингтани ташкил этади.
Ташриф давомида Сельчук шаҳар ҳокими Аҳмет Пекятирмаси билан учрашув бўлиб ўтди. Унда шаҳар ҳокими туризмнинг янги турларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётганини қайд этди. Хусусан, оилавий сайёҳларни жалб қилиш мақсадида “Тропик капалаклар боғи” ташкил қилинган. Боғда 98 турга оид 20 мингта тропик ва 15 турдаги 6 мингга яқин камалаклар мавжуд. Ҳар йили “TripAdvisor” сайти орқали 400 мингта хорижий сайёҳ шу боғга ташриф буюради.
Шунингдек, Сельчук шаҳрида MICE туризмини ривожлантиришга катта аҳамият берилмоқда. Жумладан, 2017 йилда “Сельчук конгресс маркази” барпо этилган бўлиб, у халқаро анжуманлар, ярмарка, конференция ва семинарлар, тақдимот ва премьералар ўтказиш учун мўлжалланган. Умумий ҳажми 3,5 гектарни ташкил этади. Конгресс марказида ўтган йили жами 350 тадбир ўтказилган.