Бугунги кунда тезкорлик билан ривожланиб бораётган ахборот асрида, айниқса, ижтимоий тармоқлардан фойдаланувчилар фаоллигининг ошиб бориши ва туристларнинг саёҳат давомидаги ўз таассуротларини интернет тармоғига мунтазам жойлаштириб бориш эҳтиёжларини ортиши натижасида интернет тармоғига симсиз бепул уланиш ҳудудлари – “бепул Wi-fi зонаси”ни кенгайтириш масаласини кун тартибига қўйди.
Бу ўз навбатида тадбиркорларга мижозларни жалб қилиш учун қўшимча ижобий чора сифатида қаралмоқда.
Бепул Wi-fi зоналарини кенгайтириш, туристларнинг жамоат жойлари ва туризм объектларида ўзларининг бўш вақтларини мароқли ўтказиши, уларнинг интернетга бўлган талаб ва эҳтиёжларини қондириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 3 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси туризм салоҳиятини ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш бўйича қўшимча ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-5326-сонли Фармонида интернет тармоғига симсиз бепул уланиш ҳудудларини ташкил қилувчи хўжалик юритувчи субъектларга имтиёз берилди.
Унга кўра, хўжалик юритувчи субъектлар ўз ҳудудига бепул Wi-Фи зонасини ўрнатган тақдирда, ушбу симсиз бепул уланиш ҳудудини кенгайтириш (бир нечта Wi-Фи нуқталарини яратиш, уларнинг сигнал майдонинг кенгайтириш) учун харид қилинган асбоб-ускуналар (интернет тармоғига уланиш ва тарқатиш учун зарурий ускуналар, хусусан роутер-модемлар, алоқа кабеллари) ва интернет-трафикни сотиб олиш учун йўналтирилган харажатлар хўжалик юритувчи субъектларнинг солиқ солинадиган базаси, шу жумладан ягона солиқ тўлови бўйича базасидан айириб ташланади ва ундан қолган маблағ белгиланган тартибда солиққа тортилади.
Масалан, 2018 йилнинг сентябр ойида хўжалик юритувчи субъекти – умумий овқатланиш нуқтаси ўз ҳудудида барча мижозлари учун бепул Wi-Фи зонасини ташкил этиш учун жами 40 млн. сўмга роутер-модемлар ва алоқа кабеллари каби зарурий ускуналарни харид қилиб, бепул симсиз интернет тармоғидан фойдаланиш имкониятини яратди. Шунингдек, сентябр-октябр ойлари учун интернет трафиги учун жами 1 млн. сўм сарф қилди. Мазкур субъект томонидан 2018 йилнинг 3-чорагида жами солиққа тортиладиган даромади 70 млн. сўмни ташкил қилган бўлиб, у солиқни фақатгина 29 млн. сўмдан тўлайди.
Жамоат жойларида ташкил қилинган бепул Wi-Фи зонасини барпо этган операторлар, провайдерлар ва бошқа хўжалик юритувчи субъектлар фойдаланувчиларни идентификациялаш тизимини ўрнатган ҳолда тегишли сифатдаги уланишни таъминлашлари лозим.
Эслатма: солиқ имтиёзи тақдим этилиши ҳисобига бўшаб қолаётган маблағлар, ушбу маблағлар мақсадли йўналтирилиши белгилаб берилмаганлиги сабабли, бухгалтерия ҳисобининг баланс ҳисоб счетларида кўрсатилмайди ҳамда Молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисоботда (2-шакл) акс эттирилмайди. Вақтинчалик тақдим этилаётган солиқ имтиёзини алоҳида ҳисобини юритиш учун балансдан ташқари “Вақтинчалик солиқ имтиёзи” счети очилади, ҳамда ҳисобот даврида тақдим этилган имтиёз суммалари учун счетнинг дебетига олиб борилади (Юридик шахсларга, солиқлар, божхона ва мажбурий тўловларни бюджетга тўлаш бўйича берилган имтиёзларни расмийлаштириш ва бухгалтерлик ҳисобида акс эттириш тартиби тўғрисида низом (Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2005 йил 2 апрелда 1463-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган).
Маълумот учун телефон. (+998 71) 200-00-88, (1163)