21.10.2020
21 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси мажлислар залида давлат тили байрамига бағишланган йиғилиш ўтказилди. Унда Бош вазир ўринбосари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов сўзга чиқди.
Азиз Абдуҳакимов ўзбек тилининг АҚШ, Буюк Британия, Германия, Франция, Швеция, Россия, Хитой, Япония, Жанубий Корея, Ҳиндистон, Туркия, Афғонистон, Озарбайжон, Қозоғистон каби давлатларнинг 60 га яқин университети ва 100 дан зиёд мактабларида ўрганилаётганини фахр билан таъкидлади. Юртимизнинг хориждаги элчихоналари ва дипломатик ваколатхоналари қошида “Ўзбек тилининг дўстлари” клублари ташкил этилаётганини эътироф этди.

Қўмита раиси она тилимизнинг тарихи ва аҳамияти ҳақида сўз юритар экан, бундан буён барча ҳужжатларнинг давлат тилида юритилиши зарур эканлигини таъкидлади. Ходимларнинг босқичма-босқич тўлиқ давлат тилида иш юритишга ўтишига доир тавсиялар ва тегишли топшириқлар берди.
Бундан ташқари, Азиз Абдуҳакимов масъулларни барча ҳудудлардаги туристик масканлар номи ва у ерлардаги ёзувларнинг ўзбек тилида бехато ёзилишига эътибор қаратишга чақирди.