11.10.2019
9 октябрь куни Нурсултон шаҳрида Бутунжаҳон сайёҳлик ташкилоти (UNWTO) ва Қозоғистон ҳукумати томонидан “Ақлли шаҳарлар, ақлли манзиллар” (“Smart Cities, Smart Destinations”) мавзусидаги VIII Глобал шаҳар туризми саммити ўз ишини бошлади.
Тадбир ташкилотчилари таклифига биноан Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамда Самарқанд, Бухоро, Хоразм, Тошкент вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳри ҳокимиятлари раҳбариятидан иборат Ўзбекистон делегацияси мазкур тадбирда қатнашмоқда.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ)нинг янги шаҳарсозлик дастури ва Барқарор ривожланиш мақсадларида “ақлли шаҳарлар”нинг яратилиши, уларда шароитларнинг яхшиланиши аҳоли ва меҳмонлар ҳаётига ижобий таъсир кўрсатиши таъкидланган. Ақлли шаҳарлар барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланиш, иш билан таъминлаш, инфратузилмани ривожлантириш ва барқарорликни ошириш учун катта имкониятларни тақдим этишга ёрдам беради.
Тадбирда Жаҳон туристик шаҳарлар федерацияси (WTCF), Халқаро конгресслар ва конференциялар ассоциацияси (ICCA) каби халқаро ташкилотлар раҳбарияти, шунингдек, Вена, Барселона, Малага, Билбао, Москва, Хелсинки, Бангкок, Сеул каби шаҳарлар мэрлари, маҳаллий шаҳарсозлик ва туризм ташкилотлари вакиллари қатнашмоқда.
Таҳлилчиларнинг фикрича, 2050 йилга бориб ер юзи аҳолисининг 70 фоизи шаҳарларда истиқомат қилади. Бу ўз навбатида мегаполисларда қатор муаммоларни юзага келтиради. Шу сабабли ҳам айни дамда бир қатор мамлакатларда замонавий шаҳар инфратузилмаларини яратиш лойиҳалари устида иш олиб борилмоқда. Ер юзида замонавий ахборот-коммуникация технологиялари билан таъминлаган шаҳарлар пайдо бўлмоқда. Бу лойиҳа “Smart City” деб номланмоқда, айни дамда бундай ақлли шаҳарлар сони 400дан ошиб кетди.
“Smart Cities” келажакда экологик тоза ва иқтисодий тараққий этган, шу билан бирга, аҳоли бандлиги таъминланган маконни англатади. “Smart Cities”нинг кўпайишига урбанизация, иқтисодий тараққиёт ва экологик таҳдидлар омил бўлмоқда. Оддий шаҳарларда ахборот-коммуникация технологиялари “ақлли” шаҳардагидек одамлар ҳаётига кириб бормаган. Бир сўз билан айтганда, “ақлли” шаҳарлар инсон фаровонлигига йўналтирилади ва уларда ишсизлик бўлмайди.
“Ақлли шаҳарлар ва туризм” мавзусидаги юқори даражадаги панель йиғилишида Самарқанд ҳамда Тошкент шаҳрининг Smart City лойиҳалари тақдимоти намойиш этилди. Шунингдек, “Ақлли шаҳарлар, ақлли манзиллар” номли Нурсултон декларацияси қабул қилинди. Мутахассислар томонидан “Ижодий шаҳарлар: Туризм инновация ва креативлик манбаи сифатида” мавзусида тақдимот ва муҳокамалар ўтказилди.
UNWTO’нинг VIII Глобал шаҳар туризми саммитида бугунги кунда дунё миқёсида кўплаб шаҳарлар дуч келаётган муаммоларни ҳал қилиш ҳақида сўз юритилди. Анжуманда барқарорлик, шаҳарлар салоҳиятидан фойдаланиш ва ривожлантириш, шаҳарсозлик, инновацион технологиялар, янги иш ўринларини яратиш ҳамда туризм масалалари муҳокама қилинди. Шу билан бирга, кенг қамровли ва барқарор шаҳарларнинг ривожланишига ҳисса қўшувчи восита сифатида туризмнинг аҳамияти очиб берилди.
Саммит доирасида ўтказилган UNWTO Академияси ҳамда Халқаро Конгресс ва Конвенциялар Ассоциацияси (ICCA) томонидан бизнес тадбирлари бўйича маҳорат дарсида ҳам Ўзбекистон делегацияси иштирок этди.
Тадбир 12 октябрга қадар давом этади.
Ушбу тадбирда қатнашаётган Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги элчихонаси вакилларига мамлакатимиз делегацияси иштирокини ташкиллаштиришда яқиндан ёрдам кўрсатганлиги учун миннатдорчилик билдирамиз.
Таъкидлаш жоизки, мазкур ташкилотларнинг дастлабки ҳамкорликдаги тадбири – бизнес учрашувлари саноати (MICE туризм) бўйича маҳорат дарси жорий йилнинг 10 август куни Тошкент шаҳрида ўтказилган эди.