09.10.2019
Октябрь ойнинг илк кунларида “Япониядан Ўзбекистонга келган сайёҳлар гуруҳи ҳаракатланаётган автобус "Самарқанд-Қарши-Бухоро" (А-380) автомагистралида кетаётиб, ёқилғиси тугаб, бир соатга яқин вақт давомида воқеа жойида ушланиб қолганлиги” ҳақида маълумотлар тарқалган эди. Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси тегишли туристик ташкилот билан биргаликда ушбу ҳодиса юзасидан батафсил текширув ўтказгани боис ҳолат юзасидан муносабат билдириш бир неча кунга чўзилди.Таъкидлаш жоизки, мақолада назарда тутилган туристларга “Azim Travel Servis” МЧЖ томонидан хизмат кўрсатилган, автобус ҳам мазкур сайёҳлик ташкилотига тегишли бўлган.
"Самарқанд-Қарши-Бухоро" йўналишида ҳаракатланаётган сайёҳлар ижтимоий тармоқларда келтирилганидек - япониялик эмас, аслида хитойлик бўлган.
2 октябрь куни 22 кишидан иборат сайёҳлар гуруҳининг туристик маршрути Термиздан Бухоро шаҳри томон йўналаётган бўлган. Хитойлик сайёҳлар гуруҳи қўшимча масканларни кўриш истагини билдиргани боис автобусни бошқараётган ҳайдовчи Косон туманидаги “Файзулло қутлуғ қадам” МЧЖга қарашли АЁҚШда тўхтаган. Хитойлик сайёҳлардан юзага келган вақтинчалик ноқулайлик учун “Azim Travel Servis” раҳбарияти томонидан узр сўралган. Шунингдек, уларни кечки овқат билан меҳмон қилинган, эсдалик совғалари ҳам топширилган.
Хитойлик сайёҳлар вазиятни тўғри тушунган ҳолда, Ўзбекистондаги саёҳатлари мазмунли ўтгани ва бундан мамнун эканликларини билдиришди. “Бизга кўрсатилган хизматлар, меҳмондўстлик учун чин дилдан миннатдорчилик билдирамиз. Ўзбекистонга саёҳат қилганимдан жуда мамнунман. Келгусида гўзал ва тарихий диёрингизга яна бир бор саёҳат қилишни ният қилдим”, - дейди хитойлик туристлардан бири Ян Лулу.
Шундай бўлса-да, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан ҳодиса юзасидан туркомпания вакиллари билан суҳбат ўтказилиб, улардан бундай вазият такрорланмаслигига оид тушунтириш хати олинди, юқоридаги вазиятда тажрибасизлик қилган ходимларга хайфсан берилди ҳамда уларга профессионал хизмат кўрсатишга доир малакаларини ошириш тавсия этилди.